Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Аёллар колониясида маърифий тадбир уюштирилди

7 Июн 2026, 17:49

59

Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 21-сонли жазони ижро этиш колониясида маҳкумалар учун маърифий тадбир ташкил этилди.

Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти, туман ҳокимлиги, Ички ишлар вазирлиги академияси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда аёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида сўз борди.

Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятдаги мавқеи ва ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга тўхталиб ўтишди.

Ҳар бир инсон ҳаёти давомида тақдирнинг турли синовларига рўбарў келиши, билиб-билмай жиноят кўчасига кирган хотин-қизларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг маънавий-маърифий ва ҳуқуқий дунёқарашини юксалтириш учрашувдан кўзланган асосий мақсад эканлиги таъкидланди. Маҳкумаларга ҳуқуқий тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Тадбир давомида академияда таълим олаётган курсант қизлар томонидан она Ватанимизни, аёл ва она сиймосини, инсоний туйғуларни улуғловчи шеърлар ижро қилинди. Шунингдек курсантлар муассасада хотин-қизларнинг яшаши, ижтимоий фойдали меҳнат билан машғул бўлиши, китобхонлик, спорт ва бошқа машғулотлар билан шуғулланиши учун яратилган шароитлар билан танишдилар.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech