Ички ишлар вазирининг ўринбосари - Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашропов академия магистратураси тингловчилари учун машғулот ўтди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган машғулотда тергов сифатини ошириш, соҳани рақамлаштириш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш борасида департамент ва унинг қуйи бўлинмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Рамазон Ашропов даставвал соҳадаги кенг қамровли ислоҳотларга тўхталди. Ички ишлар органларини халқчил тузилма сифатида шакллантириш жараёнида жиноятларни тергов қилиш фаолиятини тубдан такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, тизим ходимларининг касбий маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Машғулотда соҳадаги айрим муаммолар, хусусан, тергов жараёнида йўл қўйилган процессуал хато ва камчиликлар ҳам айтиб ўтилди. Шунингдек жиноят ишларини қисқа муддатда, сифатли ва тезкор тергов қилиш мақсадида амалиётга татбиқ қилинган “Сурхондарё тажрибаси” тақдимот қилинди. Мазкур тажриба ўзининг ижобий натижасини кўрсатаётгани, бугунги кунда тизимни бошқа ҳудудларда оммалаштириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Замонавий раҳбарлик бўйича таълим олаётган тингловчиларга соҳага рақамли ёндашувларни татбиқ қилиш, терговчи ва суриштирувчиларнинг кунлик хизмат фаолиятини самарали ташкил этиш, ижрочилик интизомини мустаҳкамлаш, тергов сифатини янада ошириш бўйича амалий тавсия ва долзарб вазифалар етказилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати