Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида дуал таълим тизими бўйича ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда ИИВ академияси ва Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти, пойтахтнинг Чилонзор, Юнусобод, Мирзо Улуғбек ва Миробод туман ИИОФМБлари масъуллари, мураббийликка бириктирилган ходимлар ҳамда битирувчи курс курсантлари қатнашди.
Йиғилишда дуал таълим бўйича ички ишлар органларида ташкил этилаётган амалиёт жараёнлари, фаолиятда эришилаётган натижалар ва келгусидаги вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан янги тизимнинг йўлга қўйилгани таълимни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этаётгани, пухта билим ва амалий кўникмаларга эга курсантлар келгусида тизим учун асосий таянч кадрлар бўлиб етишиши таъкидланди.
Айниқса “пойтахт намунаси” асосида хавфсиз муҳитни шакллантириш мақсадида курсантларнинг жамоат тартибини сақлаш, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли муаммолари ўрганиш ҳамда криминоген вазиятни барқарорлаштиришга фаол жалб қилинаётгани ижобий самара бераётгани айтиб ўтилди.
Йиғилишда дуал таълимнинг натижадорлиги мураббий ва курсантлар ўртасида устоз-шогирдлик тизимининг самарали йўлга қўйилганига бевосита боғлиқ эканлиги, ўрганишлар давомида бу борада айрим камчиликлар аниқлангани танқид қилинди. Шундан келиб чиқиб, масъулларга зиммаларига юклатилган вазифаларни юқори масъулият билан бажариши юзасидан топшириқ берилди.
Йиғилиш якунида тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди. Ўзини ижобий томондан намоён этган бир гуруҳ ходимлар ва курсантлар фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати