Таълимга илғор ёндашувларни кенг жорий қилиш ҳар бир соҳани етук салоҳиятли кадрлар билан таъминлашга хизмат қилади.
Бугунги кунда ИИВ академияси курсантлари дуал таълим тизими асосида касбий билим ва кўникмаларни эгаллаб келишмоқда. Айниқса пойтахтимиз ички ишлар органларида ташкил этилаётган машғулотлар назария ва амалиётни мос равишда ўзлаштириш, келгуси фаолиятга қисқа фурсатда мослашишга хизмат қилмоқда.
Ўқув даргоҳи раҳбари Рустам Хатамов Чилонзор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида бўлиб, курсантлар иштирокида ўтаётган амалий машғулотлар билан танишди.
Танишув чоғида дуал таълимни самарали ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар, машғулотларнинг ўқув жараёни билан мувофиқлиги, курсантлар учун яратилган шароитлар, уларнинг “ходим ёрдамчиси” сифатидаги кундалик фаолияти ва бошқа жиҳатлар ўрганилди. Янги тизимнинг имкониятларини кенгайтириш хусусида масъуллар билан фикр алмашилди.
“Дуал шаклда ўқитишни кенг жорий қилишдан мақсад тизимда йўлга қўйилган “таълим кластери”нинг натижадорлигини оширишдир. Шу боис, амалий машғулотлар пайтида зарур кўникмаларни пухта ўргатиб, курсантларни касбий йўналтириб боришимиз керак. Чунки бу ёшлар эртага тайёр ходим бўлиб амалиётга йўл олади”, – деди академия бошлиғи.
Шу куни тегишли раҳбарларга хизмат интизомини мустаҳкамлаш, мураббий ва курсантлар ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаш, машғулотлар учун қўшимча шароитлар яратиш зарурлиги айтилди.
“Маҳаллаларнинг криминоген вазиятини ўрганиш жараёнида янгидан-янги жиноятлар пайдо бўлаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Курсантларимиз ҳозирдан шунга тайёр бўлишлари, юқори малакали мутахассис сифатида тизим самарадорлигига ҳисса қўшишлари керак”, – деди академия бошлиғи.
Мулоқот давомида курсантларга зарур тавсиялар берилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати