Мамлакатимиз ички ишлар органлари ташкил топганининг 35 йиллиги муносабати билан Ички ишлар вазирлиги академиясида устоз-шогирдлар учрашуви бўлиб ўтди.
Шу куни Жанговар ва жисмоний тайёргарлик кафедрасида кўп йиллар фаолият кўрсатган, юртимиз довруғини дунё узра танитишга муносиб ҳисса қўшган, юзлаб иқтидорли ёшларни етиштирган бир гуруҳ спорт усталари ўқув масканига таклиф қилинди.
Тадбир давомида улар кафедра ҳаётида рўй бераётган улкан ўзгаришлар, яратилган замонавий шароитлар, кейинги йилларда спортнинг турли йўналишларида қўлга киритилган салмоқли натижалар билан яқиндан танишдилар. Ўзларининг бой тажрибалари билан ўртоқлашиб, бугунги кунда устозларнинг нурли йўлини давом эттираётган ёш авлод вакилларига ўгитлар бердилар.
Ўз навбатида, соҳа фидойиларининг иқтидорли ёшларни камол топтириш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, соҳа учун юқори касбий салоҳиятга эга кадрларни тайёрлаш йўлидаги шарафли ҳамда машаққатли фаолиятлари эътироф этилди.
Самимий мулоқот бир пиёла чой устида давом этди. Фахрийлар академияда амалга оширилаётган кенг қамровли янгиланишлар, кўркам ва замонавий иншоотларни кўздан кечириб, чексиз қувонч ҳиссини туйдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати