Ички ишлар органларининг 35 йиллиги муносабати билан фахрийлар, нафақадаги ходимлар ва хизмат пайтида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларидан хабар олинмоқда.
Инсон қадрини улуғлашга қаратилган ана шундай тадбирлар Ички ишлар вазирлиги академияси томонидан ҳам кўтаринки руҳда ташкил қилинди. Касб байрами арафасида ўқув маскани вакиллари бир гуруҳ фахрийлар хонадонида бўлиб, уларни байрам билан муборакбод этишди.
Самимий учрашувлар аввалида тизим фидойиларига ички ишлар вазири ҳамда академия раҳбариятининг эзгу тилаклари етказилди. Уларнинг ибратли умр йўллари, кўп йиллик самарали меҳнат фаолиятлари, инсоний фазилатлари эътироф қилинди.
Фахрийлар байрам йўқловидан мамнун бўлиб, ҳаётий сабоқлари, орттирган бой тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Эл-юрт осойишталиги йўлида хизмат қилаётган, соҳа учун кадрлар тайёрлашдек шарафли вазифага бел боғлаган, устоз-шогирдлик анъаналарини давом эттираётган ёшларга қимматли маслаҳатлар бердилар.
Ўтганларни эслаш халқимизга хос азалий қадрият. Учрашувларда хизмат бурчини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган марҳумлар ҳам ёдга олинди. Уларнинг хотирасига эҳтиром кўрсатиш, инсоний фазилати ва жасоратини ёш авлодга етказиш, ички ишлар органларида хизмат қилиш шарафли ва муқаддас бурч эканини ёшлар онгига сингдириш маънавий бурч эканлиги айтиб ўтилди.
Шу куни хонадон эгаларига байрам совғалари топширилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати