ИИВ академиясида Германиянинг “Intafors GmbH” компанияси раҳбари Франк-Мартин Ҳейзи билан икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув олдидан хорижлик меҳмон академия фаолияти билан таништирилди. Унга мамлакатимиз ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш тизими, таълим жараёнидаги илғор ёндашувлар, халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида маълумот берилди.
Франк-Мартин Ҳейзи диққатга сазовор жойларни кўздан кечириш давомида амалиётга жорий қилинган янгиланишлар ва академиянинг истиқболли салоҳиятига юқори баҳо берди.
Томонларнинг учрашувида Ўзбекистон – Германия муносабатлари, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари, замонавий хавф-хатарларга қарши курашишда тажриба алмашиш, кадрлар салоҳиятини ошириш юзасидан фикр алмашилди. Академия вакилларига “Intafors GmbH” компаниясининг корпоратив хавфсизлик, иқтисодий жиноятларнинг олдини олиш ва тергов қилиш, киберхавфсизлик ҳамда бошқа йўналишдаги фаолияти юзасидан маълумот берилди.
Мулоқот якунида ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва соҳа учун кадрлар тайёрлашда тажриба алмашинувини кенгайтириш, замонавий ютуқларни оммалаштириш, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга келишиб олинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати