Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Ҳамкорликнинг амалий ифодаси

28 Октябрь 2025, 10:10

48

Кейинги йилларда ИИВ академияси ва Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб бормоқда.

Ўзаро ҳамкорлик меморандуми доирасида университет вакиллари учун навбатдаги ўқув курси ташкил қилинди. Шу муносабат билан академия раҳбари Рустам Хатамов хитойлик профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан учрашиб, мулоқот қилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой алоқаларининг тарихий илдизлари, икки томонлама муносабатлардаги муштарак жиҳатлар, тараққиётнинг ҳозирги босқичида эришилаётган улкан натижалар, ҳамкорликнинг порлоқ истиқболи эътироф этилди.

Академия бошлиғи давлатларимиз ўртасидаги мустаҳкам ишонч асосига қурилган дўстона алоқалар кўплаб стратегик йўналишлар, шу жумладан, таълим соҳасида ҳам жадал ривожланиб, янги имкониятларни ишга солишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Қайд этилганидек, кейинги саккиз йил мобайнида Хитой Жамоат хавфсизлиги университети билан ҳамкорликда ўнга яқин таълим дастурлари амалга оширилди. Профессор-ўқитувчилар ва таълим олувчиларнинг мунтазам тажриба алмашиши йўлга қўйилди. Муҳими, икки томонлама ҳамкорлик илғор ютуқларни ўрганиш билан бир қаторда, дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Жамоат хавфсизлиги университети делегацияси раҳбари Ху Менг мамлакатимизга келганидан ниҳоятда мамнунлигини айтиб ўтди. “Ўзбекистонга келган илк кунданоқ таассуротларимиз бойиди. Хитой ва ўзбек халқлари ўртасидаги тарихий яқинликни ҳис қилдик. Биз шунчаки тажриба алмашиш эмас, балки илғор ютуқларни ўрганишни мақсад қилганмиз. Ўйлайманки, ҳамкорлик сари яна бир муҳим қадам ташладик ва алоқаларимиз янги йўналишларда янада равнақ топишига ишонаман”, – деди у.

Шу куннинг ўзида меҳмонлар академия фаолияти билан яқиндан танишиб, таълим жараёнига татбиқ қилинган инновацион ёндашувларни кўздан кечирдилар. Ахборот-ресурс марказида буюк аждодларимизга атаб барпо этилган хоналар, мобиль криминалистик лабораториялар, спорт мажмуасида яратилган шароитлар, шунингдек таълимни рақамлаштириш, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, илмий фаолиятни ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар университет вакилларида ижобий таассурот қолдирди.

Ўқув курси 8 ноябрь кунига қадар давом этади.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech