Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Ҳар бир оила, хонадондаги ижтимоий муҳит яхшиланмоқда

10 Апрел 2026, 18:32

107

Шу кунларда ИИВ академияси ишчи гуруҳи Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллаларида фаолият олиб бормоқда.

Манзилли ўрганишлар Президентимизнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш тўғрисидаги қарорлари ижросини таъминлашга қаратилган.

Хизмат сафари давомида Чимбой, Мўйноқ, Хўжайли, Тахиатош, Шуманай туманларининг “Шахтемир”, “Ҳаким ота”, “Маданият”, “Марказий”, “Таза базар”, Нукус шаҳрининг “Халқлар дўстлиги”, “Чимбой чойхона”, “Тунғиш қонис”, “Турон” маҳаллаларида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ҳудудларнинг криминоген вазиятига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар илмий-амалий ёндашувлар асосида таҳлил қилиниб, 25 та “жиноят ўчоғи” аниқланди. Биринчи чорак учун мўлжалланган “йўл харита”ларга криминоген омилларни бартараф этишга қаратилган 50 га яқин таклиф ва тавсиялар киритилди.

Жамоат жойлари, кўчалар ва “жиноят ўчоқ”ларига 9 та камера, 14 та ташвиш тугмаси ўрнатилиб, хавфсизлик тизимларига интеграция қилинди. Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли 44 та объект техник қўриқловга олинди. Бундан ташқари, маҳаллаларда 14 та “хавфсиз кўча”, 12 та “хавфсиз уй” ташкил қилинди. Аҳоли билан мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш жараёнида ижтимоий профилактика объекти бўлган 447 нафар шахс аниқланиб, “маҳалла еттилиги” ходимларига номма-ном бириктирилди.

Маълумки, оиладаги носоғлом муҳит ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири саналади. Ўрганишлар давомида оилалардаги ижтимоий-маиший муаммолар таҳлил қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Оила-турмуш муносабатлари доирасидаги жиноятларнинг барвақт олдини олиш мақсадида “Низоли оилани ўрганиш паспорти” намунавий амалиёти яратилиб, ҳудудларга жорий қилинди. Бугунги кунда мазкур тизим асосида оиларлардаги ижтимоий-маиший муаммоларни бартараф этиш ва маънавий муҳитни соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Натижада тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёлларга ҳимоя ордери расмийлаштирилиб, оғир ижтимоий шароитда қолганларга нисбатан реабилитация ва мослаштириш дастурлари қўлланилмоқда. Маҳалла фаоллари билан биргаликда оила аъзоларини яраштириш чоралари кўрилиб, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда.

Бундан ташқари, ижтимоий профилактика доирасида аниқ вазифалар белгилаб олиниб, ҳар бир шахс билан манзилли профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. “Маҳалла еттилиги” тизими вакиллари билан “йўл харита”ларда белгиланган чора-тадбирлар муҳокама қилиниб, уларнинг ижроси таъминланмоқда

Энг муҳими, кўрилаётган чоралар маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва криминоген вазиятни барқарорлаштиришда самарали тизимга айланмоқда.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech