Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Ҳашар – ҳамжиҳатлик тадбири

14 Март 2026, 19:52

66

Наврўз айёми яқинлашгани сайин маҳаллаларга ўзгача файз киради. Теварак-атроф кўркамлашиб, янаям обод ва тароватли бўлади.

Байрам муносабати билан уюштирилган умумхалқ ҳашари пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги “Ботирма”, “Чарх Камолон - 2”, “Меҳржон” маҳаллаларида ҳам кўтаринки руҳда ташкил қилинди.

Хайрли тадбирда ИИВ академияси курсантлари фаол қатнашиб, юртдошларимизга яқиндан кўмак беришди. Ташаббускор ёшларнинг шижоати билан ҳудудлардаги кўп қаватли уйлар, ер участкалари атрофи, кўча ва йўллар, аҳоли гавжум масканлар ободонлаштирилди.

Ён-атрофни яшилликка буркаб турган мевали ва манзарали дарахтларга ишлов берилди. Корхоналардан махсус техникалар жалб қилиниб, чекка жойларда йиғилиб қолган шох-шабба ва чиқиндилар олиб чиқилди. Бўш ерлар ва аҳолининг дам олиши учун мўлжалланган жойларга кўчатлар экилди.

– Маҳалламиздаги 39 та кўп қаватли уйда 6 мингга яқин аҳоли яшайди, – дейди “Меҳржон”МФЙ ёшлар етакчиси Абдулла Тоғаев. – Ҳашар баҳонасида барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, маҳалламиз кўркига кўрк қўшдик. Тадбирни уюшқоқлик билан ўтказишда академия ёшлари ҳам жонбозлик кўрсатишди. Бунинг учун таълим маскани раҳбариятига алоҳида миннатдорлик билдирамиз.

Чиндан ҳам, ободлик маҳаллалардан бошланади. Бундай эзгу амаллар халқимизни янада ҳамжиҳат қилиб, юртимизни янада обод ва файзли масканга айлантиришга хизмат қилади

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech