ИИВ академиясида криминоген вазияти мураккаб маҳаллалар бўйича видеоконференцалоқа шаклида йиғилиш ўтказилди.
Таълим муассасаси раҳбари Рустам Хатамов, масъуллар, профессор-ўқитувчилар, магистратура тингловчилари иштирок этган йиғилишда Президентимизнинг маҳаллаларда жиноятяиликни жиловлаш самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлари асосида амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Тошкент, Хоразм вилоятлари ҳамда пойтахтимиз маҳаллаларига жалб қилинган масъулларнинг ахбороти тингланди. Таъкидланганидек, тажрибали профессор-ўқитувчилардан иборат ишчи гуруҳлар томонидан маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг асл омилларини аниқлаш ва барвақт олдини олиш, аҳолининг осойишта ҳаётини таъминлаш борасида манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги икки ой давомида бириктирилган маҳаллаларнинг криминоген вазиятига салбий таъсир кўрсатаётган 119 та “жиноят ўчоғи” аниқланди. Жиноят содир этилиши мумкин бўлган ҳудудларга 848 та турли хилдаги замонавий камера, 140 та ташвиш тугмаси ўрнатилиб, 563 та объект техник қўриқловга олинди. Маҳаллаларда 18 та “хавфсиз кўча”, 39 та “хавфсиз уй” ташкил қилинди. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, бу борада ташкилот ва муассасаларнинг масъулиятини ошириш мақсадида жойларга 177 та тақдимнома юборилди.
Академия бошлиғи “йўл харита”ларда белгиланган чора-тадбирларга тўхталиб, “илмий хулоса – тавсия – натижа” тамойили асосида илмий асослантирилган таклифларни ишлаб чиқишни жадаллаштириш зарурлигини қайд этди. “Бунинг учун “маҳалла еттилиги” билан биргаликда уйма-уй юриб, ҳар бир муаммонинг туб илдизига етиб бориш, жиноятчиликни прогнозлаш орқали криминоген омилларнинг барвақт олдини олиш керак“, – деди академия раҳбари.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда йўл қўйилган камчиликлар ҳам айтиб ўтилди. Масъулларга тегишли вазифалар ижросини ўз вақтида таъминлаш, ҳар бир ҳуқуқбузарлик, айниқса олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар бўйича алоҳида ёндашувларни ишлаб чиқиш, “маҳалла еттилиги” тизимига методик ёрдам кўрсатиш юзасидан топшириқлар берилди. Ишчи гуруҳлар фаолияти маҳалланинг криминоген вазиятини барқарорлаштиришда эришилган натижалар орқали баҳоланиши айтиб ўтилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати