ИИВ академияси вакиллари Халқаро полиция академиялари ассоциaцияси (INTERPA) Ижроия кенгашининг навбатдаги йиғилишида қатнашди.
Йиғилишни ассоциaция раиси, Туркия миллий полиция академияси президенти Мурат Балчи очиб, таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, ўтган давр мобайнида эришилган натижалар ва келгусидаги устувор йўналишларга эътибор қаратди.
Кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан Индонезия миллий полиция академияси, Людовик номидаги Венгрия давлат бошқаруви университети Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти факультети, Қатар полиция академияси раҳбарлари сўзга чиқди. Ҳозирги мураккаб шароитда манфаатли алоқаларни ривожлантириш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар учун профессионал кадрлар тайёрлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашишда ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Йиғилишда INTERPA доирасида амалга оширилиши режалаштирилган тадбирлар муҳокама қилинди. Келгусида Қатар, Венгрия, Вьетнам, Шимолий Македония давлатларида халқаро ташкилот Бош ассамблеяси ва Ижроия кенгаши йиғилишлари ўтказилиши, аъзолар иштирокида долзарб мавзуга бағишланган конференция ва семинар-тренинг ташкил этилиши айтиб ўтилди. Шу билан бирга, Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Оқтўба юридик институтини ташкилот аъзолигига қабул қилиш масаласи кўриб чиқилди.
Ижроия кенгаш аъзолари таълим муассасалари ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш, ташкилотнинг халқаро даражадаги нуфузини янада юксалтиришга келишиб олдилар. Шу билан бирга, хорижий делегациялар Индонезия миллий полиция академияси ва ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини ўрганиб, илғор ёндашувлар юзасидан тажриба алмашдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати