Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни муносабати билан ИИВ академиясида ўтказилган тадбир шу мавзуга бағишланди.
Тадбирда давлат ва жамият ҳаётида хотин-қизларнинг ўрни, улар учун яратилаётган кенг имкониятлар, илм-маърифатли, фаол ва ташаббускор аёллар эришаётган ютуқлар эътироф этилди.
Олий Мажлис Сенати аъзоси Малика Қодирхонова сўз олиб, мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида хотин-қизлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани алоҳида таъкидлади.
Бунинг самараси ўлароқ, бугунга келиб хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоиз, тадбиркорлик соҳасида 45 фоиз, сиёсий партиялар сафида эса 49 фоизга етгани қайд этилди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизини, Сенат аъзоларининг 27 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Кейинги йилларда вазир ва вазирга тенглаштирилган лавозимларда фаолият юритаётган аёллар улуши салкам 3 баробарга ошган. Бундан ташқари, сўнгги 7 йил ичида 5,2 минг нафар аёл фан доктори (DSc) ва ўз соҳалари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олган.
Мулоқот руҳида ўтган тадбирда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, илмий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, оила институтини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар эътироф қилинди.
Суд-ҳуқуқ тизими, қонун ижодкорлиги, таълим ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат қилаётган хотин-қизлар сўз олиб, ўз фикр-мулоҳазалари, мамлакатимизни янада тараққий эттириш йўлида олиб бораётган фаолиятлари, истиқболдаги режалари билан ўртоқлашдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати