Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан ИИВ Ўқув-дала марказида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоира Абадан Турдимуратова, академиянинг Ўзбек тили ва хорижий тиллар кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамда курсантлар иштирок этди.
Учрашувда мустақиллигимизнинг тарихий илдизлари, уч минг йилдан зиёд бўлган давлатчилик анъаналаримиз, Ватан озодлиги йўлида жонини фидо қилган буюк аждодларимиз, истиқлол туфайли эришган ютуқларимиз, Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида ривожланиши ҳақида сўз борди.
Истиқлол халқимизга ўз тақдирини ўзи белгилаш, миллий қадриятларимизни тиклаш, она тилимиз, бой тарихимиз ва унутилаётган меросимизни асраб-авайлаш имконини бергани, ўтган ўттиз беш йил тарих учун қисқа давр бўлса-да, жамиятимиз ҳаётида рўй берган кенг кўламли ўзгаришлар нуқтаи назаридан асрларга татигулик йиллар бўлгани эътироф этилди. Аждодларимизнинг юрт ва миллат тақдири йўлидаги курашлари, маънавий жасорати, ватанпарварлиги ва фидойилиги бугунги авлод учун ибрат эканлиги таъкидланди.
Тадбир давомида она Ватанимизни мадҳ этувчи шеърлар янгради.
ИИВ академияси Ахборот хизмати