Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Жиноятчиликни жиловлашга шахсий жавобгарлик ҳисси билан ёндашиш керак

31 Октябрь 2025, 10:10

56

Маҳаллалар ислоҳотлар марказига, халқимизнинг оғирини енгил, муаммоларини ҳал қиладиган яқин кўмакчига айланиб бормоқда. Шу боис, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

ИИВ академияси раҳбари Рустам Хатамов 29-30 октябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, таълим муассасасига бириктирилган “Жеке терек”, “Ғарезсизлик”, “Халқлар дослиғи”, “Гене қала”, “Жанабазар” маҳаллаларида жиноятчиликни жиловлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Манзилли ўрганишлар чоғида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 январдаги ПҚ-1 сон ҳамда 18 августдаги ПҚ-253-сон қарорларида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси масъул раҳбарлар, “маҳалла еттилиги” вакиллари ҳамда академия профессор-ўқитувчилари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди. Ҳуқуқбузарликларнинг асл омилларини аниқлаш, уларни бартараф этиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Айтиш жоизки, академия ишчи гуруҳи томонидан республикамизнинг бошқа ҳудудлари қатори, мазкур маҳаллаларда ҳам тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Профессор-ўқитувчиларнинг илмий асосланган таклиф ва тавсиялари асосида сентябрь–октябрь ойлари давомида 50 та “жиноят ўчоғи” аниқланди, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида ҳудудларга 85 та ташвиш тугмаси, 344 та замонавий камера ўрнатилди, шунингдек 144 та объект техник қўриқловга олиниб, 10 та “хавфсиз кўча” ҳамда 28 та “хавфсиз уй” ташкил қилинди.

Академия бошлиғи маҳаллаларда кўп содир этилаётган жиноятлар, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларга алоҳида эътибор қаратди. Янги тизим асосида натижадорликни таъминлаш муҳимлигини таъкидлаб, ҳар бир “жиноят ўчоғи” бўйича манзилли ишлаш, ижтимоий профилактикани самарали ташкил этиш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида жиноятчиликка муросасизлик иммунитетини шакллантириш, ижтимоий муаммоларни ҳал этишда “маҳалла еттилиги” аъзоларининг фаоллигини ошириш юзасидан тавсиялар берди.

Бундан ташқари, масъулларга илғор ёндашувларни амалиётга жорий қилиш, “илмий хулоса – тавсия – натижа” тамойили асосида маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш, “йўл харита”лар ижросини ўз вақтида, сифатли таъминлаш, жиноятчиликни жиловлашга шахсий жавобгарлик ҳисси билан ёндашиш кераклиги айтилди.

Нукус сафари давомида Ички ишлар вазирлиги академик лицейи ҳамда “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейида олиб борилаётган таълим жараёнлари ҳам ўрганилди. Учрашувлар чоғида ёшларни касбга йўналтириш бўйича долзарб талаблар етказилиб, ўқувчиларнинг билим салоҳияти, маънавий дунёқараши, жисмоний тайёргарлиги, ватанпарварлик руҳини юксалтириш муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди. ИИВ академияси фаолиятига оид видеоролик намойиш қилиниб, фаол ва ташаббускор ўқувчиларга ташаккурномалар берилди.

Шу билан бирга, академия бошлиғи ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида ўтказилган байрам тадбирида ҳам қатнашди. Вазирлик раҳбарияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтган тадбирда Рустам Хатамов сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида ички ишлар органлари халқчил тузилма сифатида шаклланиб, тизим фаолиятида ижобий ўзгаришлар рўй бераётгани, соҳа учун кадрлар тайёрлаш жараёнлари тубдан янги босқичга олиб чиқилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech