Пойтахтимизда криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хавфсиз муҳит яратишга қаратилган ишларнинг амалий натижаси Чилонзор туманидаги “Новза”, “Навбаҳор” маҳаллаларида ҳам намоён бўлмоқда.
ИИВ академияси ишчи гуруҳи раҳбари, полковник Бахтиёр Ражабовнинг айтишича, ҳудудларни камералаштириш, ташвиш тугмалари ва ёритиш мосламалари билан таъминлаш орқали маҳаллаларда хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда. Жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари ташкил қилиниб, жисмоний ва техник қўлиқловга олиш ишлари жадаллаштириляпти.
Маҳаллаларга таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари билан бирга, кундузги таълимнинг 3-ўқув курси курсантлари ҳам жалб қилинган. “Жиноят ўчоқ”лари, аҳоли гавжум жойларга патруллик гуруҳларининг йўналтирилгани жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллар бўйича корхона, ташкилот ва муассасаларга тақдимномалар киритилиб, уларнинг ижроси назоратга олинмоқда. Аҳоли муаммолари ўрганилиб, манзилли чора-тадбирларнинг амалга оширилаётгани жиноятчиликни жиловлаш имконини бермоқда.
ИИВ академияси Ахборот хизмати