ИИВ академиясида ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган олий таълим муассасаларида бўлажак офицерларнинг лидерлик компетенциясини шакллантириш масалаларига бағишланган конференция бўлиб ўтди.
Ҳарбий тайёргарлик кафедраси ташаббуси билан ўтказилган республика илмий-амалий анжуманида ҳамкор ташкилотлар вакиллари, олимлар, соҳа мутахассислари, курсантлар ва академик лицей ўқувчилари қатнашди.
Конференция иштирокчилари таълим олувчиларда лидерлик кўникмаларини шакллантиришнинг илмий-назарий ва методологик асосларини такомиллаштириш, ушбу жараёнда замонавий педагогик ёндашувлар, инновацион таълим технологиялари ҳамда илғор хорижий тажрибалардан фойдаланиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Сўзга чиққанлар долзарб мавзуларда маъруза қилиб, таълим мазмунини замон талабларига мослаштириш, ўқув дастурларини янги фанлар билан бойитиш, мазкур йўналишдаги илмий-тадқиқот ишларини кўпайтириш, халқаро тажрибанинг илғор ютуқларини ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш, турдош таълим муассасалари ўртасида илмий-амалий ҳамкорликни кучайтириш борасида таклиф ва тавсияларини билдирдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати