Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Маҳалла профилактикаси – самарали ёндашув

4 Март 2026, 19:14

99

Пойтахтимизда хавфсиз муҳит яратиш бўйича намунавий амалиётнинг жорий қилингани ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда муҳим омил бўлмоқда.

Чилонзор туманининг “Катта Чилонзор-2” маҳалласида 6 ярим мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 65 та кўп қаватли уй, 3 та мактабгача таълим муассасаси, 1 та умумтаълим мактаби ва аҳолига маиший хизмат кўрсатувчи бошқа масканлар бор.

Ўтган йили маҳаллада олдини олиш мумкин бўлган 20 та жиноят қайд этилган бўлиб, шундан 16 тасини ўғирлик, 4 тасини тан жароҳати етказиш жиноятлари ташкил қилган. “Пойтахт намунаси” асосида йўлга қўйилган янги тизим жиноятларнинг барвақт олдини олиш билан бирга, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этишга хизмат қилмоқда.

ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов мазкур маҳаллада бўлиб, аҳоли учун хавфсиз муҳит яратиш мақсадида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар билан танишди. “Маҳалла еттилиги” вакиллари билан мулоқотда криминоген вазиятни барқарорлаштиришда эришилаётган натижалар ва мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.

Айтиш жоизки, маҳаллага академия профессор-ўқитувчилари ва магистратура тингловчиларидан иборат ишчи гуруҳ бириктирилган. Улар томонидан жиноятчилик омиллари илмий ёндашувлар асосида ўрганилиб, амалий таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Бундан ташқари, таълим муассасаси курсантлари профилактик ишлар ва ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб қилинган.

Ҳамжиҳатликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида шу кунгача 4 та “жиноят ўчоғи” аниқланди. 1200 дан зиёд хонадон манзилли ўрганилиб, 1 нафар “хавф гуруҳи”даги, 8 нафар ижтимоий профилактика объекти бўлган шахслар қайд этилди. Ҳуқуқбузарликлар содир этилиши мумкин бўлган ҳудудларга 6 та видеокузатув камераси ўрнатилиб, ички ишлар органларига интеграция қилинди. Криминоген вазиятни назорат қилиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 30 дан ортиқ патруллик гуруҳлари ташкил қилинди.

Академия бошлиғи “йўл хатира”да белгиланган чора-тадбирларни ўрганиб, аҳоли муаммолари ва мурожаатлари билан тизимли ишлаш, хавфсизлик чораларини кучайтириш, маҳаллани жиноятдан холи ҳудудга айлантириш борасида тегишли вазифаларни белгилаб берди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech