Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Маҳалладаги муҳитни барқарорлаштириш бўйича вазифалар белгилаб олинди

16 Март 2026, 22:04

15

ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов Мирзо Улуғбек туманидаги “Бешкапа” маҳалласининг криминоген вазиятини ўрганди.

Дастлаб масъуллар, “маҳалла еттилиги” вакиллари ва фаоллар иштирокида чораклик “йўл харита”да белгиланган чора-тадбирлар ижроси муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратишга қаратилган тегишли қарорлари билан маҳаллага тажрибали профессор-ўқитувчилар бириктирилган.

Ишчи гуруҳ томонидан кейинги уч давомида содир қилинган 28 та жиноятнинг асл омиллари илмий ёндашувлар асосида ўрганилди. Криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган “жиноят ўчоқлари” аниқланиб, уларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Шунга кўра, ҳудудларга 13 та замонавий камера, 11 та ташвиш тугмаси ўрнатилиб, хавфсизлик чоралари кучайтирилди. 350 дан зиёд турар жой, ташкилот ва муассасалар техник қўриқловга олинди. Ижтимоий профилактика доирасида 89 нафар шахс аниқланиб, “маҳалла етттилиги”га бириктирилди.

Криминоген хавфи юқори жойларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида патруллик гуруҳлари ташкил қилиниб, аҳоли ўртасида профилактик тадбирлар ўтказилди.

Муҳокама жараёнида маҳалладаги муаммолар, оила-турмуш доирасидаги жиноятлар, ижтимоий профилактика объектлари билан олиб борилаётган манзилли чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилди. Академия бошлиғи аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарғибот тадбирларини мунтазам ўтказиб бориш, ҳудудларни камералаштириш, профилактика инспектори ва фуқаролар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, мурожаатларга тизимли ёндашиш зарурлигини қайд этди.

Бундан ташқари, маҳалладаги криминоген омиллардан келиб чиқиб кейинги муддат учун мўлжалланган манзилли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, жиноятчиликни жиловлаш бўйича ҳудуд тажрибасини яратиш, маҳаллани “қизил” тоифадан чиқариш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech