Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Маҳаллалар жиноятдан холи бўлиши керак

17 Сентябрь 2025, 02:09

31

Жорий йилда республикамиздаги ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш устувор вазифа этиб белгиланган.

Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 18 августдаги ПҚ-253-сон қарори тизим натижадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этди ва криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда алоҳида ёндашув асосида манзилли ишлаш механизмлари жорий қилинди. Академия бошлиғи мазкур қарор ижросини таъминлаш ва ҳудудларда амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги маҳаллаларда бўлди.

“Обод” маҳалла фуқаролар йиғинида масъуллар, “маҳалла еттилиги” тизими вакиллари ва академия професссор-ўқитувчилари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда жиноятчиликка сабаб бўлаётган омиллар танқидий руҳда муҳокама қилинди. Йўл қўйилган камчиликлар ва ечимини кутаётган масалалар айтиб ўтилиб, масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.

“Жорий йил бошидан янгича тизимда ишлашга ўтилди. Ҳудудларга бириктирилган раҳбарлар, айниқса “маҳалла еттилиги” вакилларининг масъулияти оширилди. Афсуски, айрим маҳаллаларда бу борадаги ишлар ҳамон эскича услубларда ташкил этилмоқда. Маҳалланинг криминоген вазияти ҳаммамизни ташвишга солиши керак, шунда кўзланган натижага эришамиз”, – деди академия бошлиғи Рустам Хатамов.

Йиғилишда маҳалла ҳудудида энг кўп содир этилаётган жиноятлар, уларнинг барвақт олдини олиш, ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса жиноят содир этиш эҳтимоли юқори бўлган шахслар билан манзилли ишлаш, мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб аҳоли бандлигини таъминлаш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Шу куннинг ўзида “Мирзо Улуғбек” маҳалласининг аҳволи ҳам ўрганилди. Ҳудуд фаоллари билан мулоқот чоғида жиноятчиликни жиловлаш билан боғлиқ муаммолар, криминоген омилларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш, маҳаллани “қизил” тоифадан чиқариш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Академия бошлиғи сўнгги беш йил мобайнида содир этилган жиноятларга эътибор қаратиб, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда янгича иш услубларини жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Маҳаллага бириктирган профессор-ўқитувчиларга “маҳалла еттилиги” тизими ходимларининг иш тажрибасини ошириш, уларга методик ёрдам кўрсатиш, “йўл харита”лар ижросини сифатли таъминлаш юзасидан топшириқлар берди.

Ўрганишлар давомида жорий йил якунига қадар амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олиниб, ижрога қаратилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech