Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Маҳаллалар манзилли ўрганилди

20 Май 2026, 19:15

102

Хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича пойтахтимизнинг Чилонзор туманида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар аҳоли осойишталигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов таълим муассасасига бириктирилган маҳаллаларда “пойтахт намунаси” асосида эришилаётган натижалар билан танишди.

Дастлабки манзил “Чарх Камолон - 2” маҳалласи бўлди. Шу ернинг ўзида “жиноят ўчоқ”ларига барҳам бериш, хавфсизлик чораларини кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш ва бошқа йўналишда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Жиноятчилик омиллари таҳлил қилиниб, маҳаллани жиноятдан холи ҳудудга айлантириш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Шундан сўнг “Ботирма” маҳалласининг криминоген вазияти ўрганилди. Масъуллар томонидан пойтахт аҳли ва меҳмонлари учун хавфсиз муҳит яратиш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар, амалиётга жорий қилинган тажрибалар тақдимот қилинди.

Қайд этилишича, маҳалладаги 2380 та хонадонда 6 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда умумтаълим мактаби, йирик савдо мажмуаси, мактабгача таълим муассасалари ҳамда бошқа маиший хизмат кўрсатувчи масканлар бор. Маҳалланинг криминоген вазиятига энг кўп салбий таъсир кўрсатаётган омил сифатида ўғирлик жинояти қайд этилган.

Ўрганишлар давомида 8 та “жиноят ўчоғи”, 42 нафар ижтимоий профилактика объекти, 8 нафар “хавф гуруҳи”даги шахс аниқланган. Кўчалар, кўп қаватли уйлар, кўнгилочар масканлар ва ҳуқуқбузарлик содир этилиши мумкин бўлган бошқа жойларга видеокузатув камералари, ташвиш тугмалари ўрнатилиб, хавфсизлик тизимларига интеграция қилинган. “Хавф гуруҳи”даги шахслар ва ижтимоий-маиший муаммоси бор оилалар рўйхати шакллантирилиб, “маҳалла еттилиги”га йўналтирилган.

Академия бошлиғи ҳудудларни техник қўриқловга олишни жадаллаштириш, аҳоли мурожаатлари билан тизимли ишлаш, профилактика ишларини кучайтириш орқали жиноятчиликни кескин камайтириш юзасидан топшириқ берди.

Таълим муассасаси вакиллари шу куни “Меҳржон” маҳалласида ҳам бўлиб, криминоген вазиятни барқарор сақлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, “102” тизими орқали келиб тушган мурожаатларни қабул қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, шунингдек ҳудудларга жалб қилинган куч-воситалар фаолиятини ўрганди.

Ўрганишлар якунида “пойтахт намунаси”ни самарали жорий қилиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech