Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Маҳаллаларда хавфсиз муҳит қандай таъминланмоқда?

11 Июл 2026, 10:10

108

ИИВ академияси бошлиғи пойтахтимизнинг Миробод туманидаги маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Ўрганишлар давомида масъул раҳбарлар, фаоллар ҳамда ҳудудларга бириктирилган магистратура тингловчилари билан биргаликда долзарб вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

“Олтинкўл” маҳалласида 1365 та хонадон бўлиб, уларда 6 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этиш мақсадида жойларга камера ва ташвиш тугмалари ўрнатилиб, хавфсизлик тизимларига интеграция қилинган. Алоҳида тоифадаги, муқаддам судланган ва жиноят содир этиш хавфи юқори бўлган шахслар рўйхати шакллантирилиб, манзилли профилактик чора-тадбирлар белгиланган.

Мулоқот чоғида кўп қайд этилаётган жиноятлар, уларнинг асл омиллари, “102” тизими орқали келиб тушаётган мурожаатлар, ижтимоий профилактика доирасида амалга оширилаётган ишлар, ёшлар ва аёллар бандлиги ҳамда бошқа долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Хавфсиз муҳитни таъминлашга қаратилган ишларни жадаллаштириш борасида тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Шундан сўнг академия бошлиғи “Истиқлолобод” маҳалласини ўрганди. Криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича тақдимот билан танишиб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Жиноятларнинг асосан тунги вақтларда содир этилаётганини инобатга олиб патруллик гуруҳлари фаолиятини кучайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва огоҳлигини ошириш, камералаштириш қамровини кенгайтириш, криминоген вазияти оғир жойларга қўшимча куч-воситаларни йўналтириш, аҳоли муаммолари ва мурожаатларини ўз вақтида ҳал қилиш зарурлиги қайд этилди.

Ўрганишлар давомида масъуллар ва “маҳалла еттилиги” вакилларининг фикр-мулоҳазалари тингланди. Ечимини кутаётган ҳар бир масала бўйича аниқ механизм ва чора-тадбирлар белгиланди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech