Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбони ўз номи билан маърифат маскани. Хиёбонга борган ҳар бир инсон қалбида китобга, адабиётга меҳр уйғонади.
ИИВ академиясида малака ошираётган психолог-инспекторлар учун ушбу масканга “маънавият маршрути” ташкил қилинди.
Тадбир чоғида миллий адабиётимиз ривожига улкан ҳисса қўшган шоир ва ёзувчилар, уларнинг ибратли ҳаёти, бой илмий-абадий мероси, адибларимиз ижодиётини тарғиб қилиш ва келгуси авлодларга етказиш йўлида олиб борилаётган эзгу ишлар сўзлаб берилди.
Хиёбондан жой олган сиймолар орасида маърифатпарвар адиб Абдулҳамид Чўлпоннинг ҳам ҳайкали бор. Бутун умр халқ ғамида яшаб ўтган алломанинг ҳаёт йўли, миллатимизни илм-маърифатли қилиш, мустабид тузум зулмидан озод этишга қаратилган саъй-ҳаракатлари бугунги авлодлар учун ватанпарварлик намунасидир.
Тадбир давомида Президентимиз ташаббуси билан тараққийпарвар шоир хотирасини абадийлаштириш борасида амалга оширилаётган тадбирлар эътироф этилди. ИИВ академияси томонидан адиб ҳайкали пойида ўтказилаётган машғулотлар, адабиёт кечалари ёшларнинг маънавий камолотига хизмат қилаётгани таъкидланди.
“Маънавият маршрути” доирасида инспектор-психологлар Янги Ўзбекистон боғида ҳам бўлдилар. Мамлакатимизнинг ёрқин тимсоли сифатида қутлуғ қадамжога айланган мажмуа билан танишув барчада улкан таассурот қолдирди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати