ИИВ академиясида Тезкор қидирув департаменти билан ҳамкорликда давра суҳбати ташкил қилинди.
Унда департаментнинг Гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бошқармаси бошлиғи А. Қурбонов, ихтисослик кафедралари профессор-ўқитувчилари ва кундузги таълимнинг 2- курс курсантлари қатнашди.
Учрашувда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятлар, ушбу турдаги иллатларга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар, эришилаётган натижалар, ёшлар ўртасида наркожиноятларнинг олдини олишдаги долзарб вазифалар ҳақида фикр алмашилди.
Департамент вакили гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ўсмир-ёшлар орасида кенг тарқалаётганига сабаб бўлаётган асосий муаммоларга тўхталди. Кейинги пайтларда ушбу тоифадаги шахслар томонидан содир қилинган жиноятлар ва уларнинг омилларини статистик маъмулотлар асосида таҳлил қилди. Наркожиноятларга қарши курашиш, айниқса тезкор қидирув ва профилактика тадбирларини самарали ташкил этишнинг назарий ва амалий жиҳатлари ҳақида курсантларга тавсиялар берди.
Тадбир давомида курсантлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати