ИИВ академиясида МДҲга аъзо давлатларнинг турдош олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда халқаро давра суҳбати ўтказилди.
Онлайн форматда ўтган тадбир иштирокчилари педагог кадрларнинг узлуксиз малакасини ошириш, тизимдаги илғор тажрибалар, муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида фикр алмашдилар.
Давра суҳбати давомида Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ИИВ академиялари, Уфа, Сибирь юридик институтлари ва бошқа ўқув муассасалари вакиллари сўзга чиқди. “Педагог кадрларнинг узлуксиз малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш”, “Ҳуқуқшунослик йўналишдаги олий таълим муассасаларида ҳуқуқий фанларни ўқитиш методикаси”, “Касбий таълимда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланишнинг муаммо ва истиқболлари”, “Тарбиявий ишларни амалга оширишда ўқитувчининг касбий ва шахсий компетенциялари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Соҳага илғор ёндашувларни татбиқ этиш, халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашинувини кучайтириш, муаммоларнинг илмий-амалий ечимларини ишлаб чиқишга қаратилган таклифлар билдирилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати