Ички ишлар вазирлиги академияси саф майдонида янги ўқув йили муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ўтказилган тадбирда академия бошлиғи Рустам Хатамов нутқ сўзлаб, йиғилганларни Мустақиллигимизнинг шонли ўттиз беш йиллиги ҳамда ўқув даргоҳи ташкил топган сана билан самимий муборакбод этди.
Тантанали тадбирда истиқлол йиллари жамиятимиз ҳаётида рўй берган тарихий ўзгаришлар, турли жабҳаларда эришилган улкан ютуқлар, айниқса муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар эътироф этилди.
Академия бошлиғи кейинги ўн йилда мамлакатимиз ўз тараққиётининг мутлақо янги даврига қадам қўйгани, инсон қадрини улуғлаш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланганини эътироф этди.
Шу билан бирга, ички ишлар органлари тизими тубдан ислоҳ қилингани, соҳа учун кадрлар тайёрлаш ва таълим жараёнларига илғор замонавий ёндашувлар кенг татбиқ этилгани, бунинг самарасида тизим чинакам халқчил тузилма сифатида янгича қиёфа касб этиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Ўзгаришларнинг амалий натижаси билимли, касбий кўникмаларни пухта эгаллаган, мустақил фикр ва замонавий дунёқарашга эга, ватанпарвар, фидойи кадрларга боғлиқ эканини қайд этиб, келгусидаги устувор вазифаларга эътибор қаратди.
“Бугунги тараққиёт шиддати ҳар биримизни янги марралар сари ундамоқда. Президентимиз ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилсак, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ, дея барчамизни руҳлантирдилар. Шу боис, она Ватанимизга бўлган садоқатимизни амалда намоён этиб, мамлакатимизнинг эртанги куни учун муносиб кадрларни тарбиялашимиз зарур”, деди академия бошлиғи.
Шу куни тенгдошларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ курсантлар “Академия аълочиси” кўкрак нишонлари ҳамда ота-оналари номига битилган миннатдорлик мактублари билан тақдирланди. Тантанали маршдан сўнг, янги ўқув йилининг илк машғулоти “Мустақиллик дарси” билан бошланди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати