Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Осойишталик бор жойда, файз бўлади

27 Феврал 2026, 21:08

90

“Пойтахт намунаси” асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар Чилонзор туманидаги маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

Биргина, “Қозиработ” маҳалласида 7 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 20 та кўп қаватли, 445 та якка тартибдаги уй мавжуд. Ўтган йили маҳаллада 26 та жиноят содир қилинган бўлиб, шундан энг кўпини ўғирлик жиноятлари ташкил этган. Шу боис, ҳозирда криминоген омилларни бартараф этиш борасида тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Туманга бириктирилган ИИВ академияси ишчи гуруҳи раҳбари, полковник Бахтиёр Ражабовнинг айтишича, маҳалла ҳудудида криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган 5 та “жиноят ўчоғи” аниқланган. Хонадонларни ўрганиш жараёнида 5 нафар “хавф гуруҳи”даги шахс, яна 18 нафар ижтимоий профилактика объекти рўйхатга олинган.

Жиноятларнинг барвақт олдини олиш мақсадида манзилли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, “йўл харита”сига киритилган. Ҳудудларга ташвиш тугмалари ва видеокузатув камералари ўрнатилиб, хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Ҳуқуқбузарлик содир этилиш эҳтимоли юқори жойларга қўшимча патруллик гуруҳлари йўналтирилган. Бундан ташқари, аҳоли ўртасида 5 маротаба жиноят муҳокамаси, 161 маротаба тарғибот тадбири ўтказилган.

Худди шундай ишлар “Катта Қозиработ” маҳалласида ҳам изчил давом эттирилмоқда. Шу кунгача маҳалла ҳудудида 19 та видеокузатув, 20 та “Face ID”, 15 та “PTZ” камералари, 10 та “SOS” ташвиш тугмаси ўрнатилиб, 6 та қўшимча патруллик гуруҳлари ташкил қилинган. Ҳозирда криминоген омиллар илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Аҳоли билан манзилли мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг муаммолари ўрганилмоқда.

Маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратишда фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларга ўз вақтида муносабат билдириш муҳим омил саналади. Шу боис, ҳудудларни ўрганиш жараёнида ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, аҳолининг таклифлари асосида аниқ вазифалар белгилаб олинмоқда. Зеро, тинч-осуда маҳаллада файз-барака, у ерда истиқомат қилаётган одамлар турмушида хотиржамлик бўлади.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech