Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

“Пойтахт намунаси”: жиноятлар барвақт олди олинмоқда

26 Феврал 2026, 17:12

90

24-25 февраль кунлари ИИВ академияси бошлиғи Чилонзор тумани маҳаллаларида хавфсиз муҳит яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Илк манзил аҳоли гавжум “Бешёғоч” маҳалласи бўлди. Маълум бўлишича, маҳалла ҳудудида 5 та “жиноят ўчоғи” қайд этилган. Криминоген омилларни бартараф этиш мақсадида манзилли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилиб, чораклик “йўл харита”га киритилган.

Жойларга 19 та видеокузатув камераси, 7 та ташвиш тугмаси, 22 та тунги ёритгич ўрнатилиб, хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Қўшимча 9 та патруллик гуруҳи ташкил қилиниб, ҳудудларга йўналтирилган. Криминоген вазиятнинг куну тун назорат қилинаётгани хавфсиз муҳитни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Шу куни маҳалла вакиллари билан янги тизим асосида натижадорликни ошириш масалалари муҳокама қилинди. Масъулларга “жиноят ўчоқ”ларига барҳам бериш, аҳолининг барча қатламини манзилли профилактик тадбирларга қамраб олиш, мурожаатларга тезкорлик билан муносабат билдириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш чораларини кўриш юзасидан вазифалар берилди.

Шунингдек академия бошлиғи “Яккабоғ” маҳалласида бўлиб, “еттилик” тизими ходимлари билан мулоқот қилди. Учрашувда “пойтахт намунаси” асосида жиноятларни кескин камайтириш, янги тизимни кенг жорий қилиш, аҳоли учун хавфсиз муҳит яратиш хусусида фикр алмашилди.

Айтиш жоизки, маҳалла ҳудудида “Олмазор” метро бекати, “Тошкент” автовокзали жойлашган. Вилоятлараро қатновчи таксилар ўрнашган атротураргоҳ ҳам аҳоли билан доимо гавжум. Ушбу жойларда ҳуқуқбузарликларнинг кўп қайд этилаётгани криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Академия бошлиғи мазкур ҳудудни кўздан кечириб, мутасаддилар ва фуқаролар билан суҳбатлашди. Аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, йўлларда сунъий тирбандликларнинг олдини олиш, яширин даромадларга чек қўйиш, ҳудудларни камералаштириш, жамоат тартибини сақлашда қўшимча куч-воситалардан фойдаланиш зарурлигини қайд этди.

“Хавфсиз муҳит яратиш аҳолининг ҳуқуқий маданиятига ҳам боғлиқ. Шу боис, тарғиботлар орқали жиноятчиликка муросасиз муносабатни шакллантириш, намунали амалиёт энг аввало юртдошларимизнинг осойишта ҳаётини таъминлашга қаратилганини тушунтиришимиз керак”, деди академия бошлиғи.

Ўрганишлар давомида маҳаллаларга жалб қилинган курсантларга хизмат интизомига риоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликни жиловлашга масъулият билан ёндашиш, амалий кўникмаларни шакллантириб бориш борасида тавсиялар берилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech