Пойтахтимизда хавфсиз муҳитни яратиш борасида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур йўналишдаги ишлар Шайхонтоҳур тумани маҳаллаларида ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда. Айниқса криминоген омилларни бартараф этишда илмий жиҳатдан ёндашилаётгани тизим самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Туманнинг “Бўстон”, “Ибн Сино”, “Шодлик”, “Тахтапул”, “Ўрда”, “Чақар”, “Қоратош”, “Чорсу” каби 13 та маҳалласи Ички ишлар вазирлиги академиясига бириктирилган. Профессор-ўқитувчилар ва магистратура тингловчилари мазкур маҳаллаларда манзилли ўрганишларни олиб бориб, “еттилик” аъзолари, фаоллар билан биргаликда мавжуд муаммоларни батараф этиш чораларини кўришмоқда.
Хусусан, ишчи гуруҳ томонидан маҳаллаларда сўнгги уч йил мобайнида содир қилинган 258 та жиноят таҳлил қилинди. Криминоген хавфи юқори бўлган 87 та “жиноят ўчоғи”, 51 та овлоқ жой аниқланди. Жиноятчилик омилларига барҳам бериш мақсадида 89 та таклиф ва тавсия ишлаб чиқилди.
Чораклик “йўл харита”лар ижроси доирасида жойларга 131 та камера, 209 та тунги чироқ, 237 та ташвиш тугмаси ўрнатилиб, 53 та объектнинг техник қўриқловга олиниши таъминланди. Маҳаллаларда ижтимоий-маиший муаммоси бор 561 нафар, ижтимоий профилактика объекти бўлган 688 нафар шахс аниқланиб, “маҳалла еттилиги” га йўналтирилди.
Криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этиш ва хавфсизлик чораларини кучайтириш борасида тегишли корхона, ташкилот ҳамда муассасаларга 26 та тақдимнома киритилди.
Фаолларни жалб қилган ҳолда 34 та “Маҳалла тарғиботчиси гуруҳи” шакллантирилиб, жойларда 5 мингдан зиёд аҳоли иштирокида 17 маротаба тарғибот тадбирлари ташкил қилинди.
Бундан ташқари, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, 27 нафар шахс ишга жойлаштирилди, яна 5 нафари эса касбга йўналтирилди. Низоли ва ажрим ёқасидаги оилаларда маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Бугунги кунда ҳар бир маҳалла, уй, хонадондаги муаммолар эътибор марказида. Фуқаролар томонидан келиб тушаётган мурожаатлар ўз вақтида қабул қилиниб, қонун доирасида кўриб чиқилмоқда. Кўчалар, хиёбонлар, уйлар, савдо мажмуалари ва бошқа аҳоли гавжум жойларга қўшимча куч-воситаларнинг йўналтирилгани осойишталикни мустаҳкам қарор топтиришга хизмат қилмоқда.
Ишчи гуруҳ раҳбари, подполковник Умид Қодировнинг айтишича, чинакам хавфсиз муҳит халқимизнинг розилигида намоён бўлади. Манзилли ўрганишлар давомида айни жиҳат натижадорликка эришишнинг устувор мезони этиб белгиланган.
ИИВ академияси Ахборот хизмати