Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасида ўрганишлар олиб бормоқда.
Ишчи гуруҳ вакиллари Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш тўғрисидаги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Нукус шаҳридаги “Турон” маҳалласида бўлди.
Мазкур маҳалла уч йилдан буён “қизил” тоифада қолаётган ҳудуд сифатида ИИВ академиясига бириктирилган. Ишчи гуруҳ томонидан маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш ва криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни илмий-амалий ёндашувлар асосида бартараф этишга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Шу куни мутасадди раҳбарлар, “маҳалла еттилиги” тизими ходимлари, академия профессор-ўқитувчилари иштирокида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликни камайтириш ва ижтимоий профилактика йўналишида қилинаётган ишлар муҳокама қилинди. Масъулларга профилактика ишларини тизимли ташкил этиш, ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли юқори бўлган шахсларни аниқлаш ва улар билан манзилли ишлаш механизмларини такомиллаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ўрганишлар давомида академия вакиллари томонидан ижобий тажрибалар тақдимот қилинди. Оила-турмуш доирасидаги жиноятларнинг барвақт олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган “Низоли оилани ўрганиш паспорти” намунавий амалиётини бошқа маҳаллаларга ҳам татбиқ қилиш борасида тавсиялар берилди. Ҳудудларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, профилактик тадбирларни мунтазам давом эттириш зарурлиги таъкидланди
Шунингдек таълим муассасасига бириктирилган маҳаллаларда ижтимоий профилактика субъектлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг касбий малакасини ошириш мақсадида сайёр ўқув машғулотларини ташкил этиш, жиноятларнинг олдини олишда замонавий усул ва воситалардан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати