Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Президентимиз қарори – амалда

29 Январ 2026, 21:26

62

ИИВ академиясида криминоген вазияти оғир маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ҳудудларга бириктирилган масъуллар ва профессор-ўқитувчилар иштирок этган йиғилишда Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлашга қаратилган қарори ижроси муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур қарор маҳалла жиноятчилигининг барвақт олдини олиш бўйича бошланган ишларнинг мантиқий давоми бўлди. 2025 йилда академия профессор-ўқитувчилари жалб қилинган 273 та “қизил” тоифадаги маҳалланинг 122 таси “сариқ” тоифага ўтган бўлса, 116 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Бундан ташқари, таълим муассасасига бевосита бириктирилган 21 та маҳаллада криминоген вазият барқарорлаштирилиб, “сариқ” тоифага ўтказилди. Эътиборлиси, мазкур маҳаллалар беш йилдан буён “қизил” тоифада эди.

Академия бошлиғи илмий-амалий ёндашувлар асосида ҳудудларга жорий қилинган илғор тажрибалар ижобий самара берганини қайд этди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йилги қарори фаолиятни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиши, энг муҳими, ҳар бир йўналиш бўйича аниқ вазифа ва механизмлар белгилаб берилгани мазкур маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш орқали аҳолини рози қилишга йўналтирилганини алоҳида таъкидлади.

Йиғилишда қарор ижроси юзасидан таълим муассасасига бириктирилган маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Ишчи гуруҳлар раҳбарларининг криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни илмий ёндашувлар асосида ўрганиш натижалари юзасидан ахбороти тингланди.

Айтиш жоизки, қарорда ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш орқали жиноятчиликни кескин камайтириш, оила-турмуш доирасидаги ҳамда аёллар ва ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг барвақт олдини олиш, мурожаатлар билан ишлашни самарали йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳудудларни ўрганиш жараёнида мазкур йўналишдаги ишларни янгича механизмлар асосида ташкил қилиш, бу борада “маҳалла еттилиги” ходимларига услубий ёрдам кўрсатиш, уларнинг тажрибасини ошириб бориш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, академия бошлиғи куни кеча Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишига ҳам тўхталиб ўтди. Мазкур йиғилишда пойтахтимиз Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берилгани, академия жамоаси олдида маҳаллаларнинг криминоген вазиятини ўрганиш, жиноятчиликни жиловлашга илмий ёндашувни кенг татбиқ қилиш борасида долзарб вазифалар тургани айтиб ўтилди.

Йиғилиш сўнггида барча йўналишлар бўйича топшириқлар берилиб, ижрога қаратилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech