Президентимиз қарори билан маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар жиноятчиликнинг барвақт олдини олишда муҳим омил бўлмоқда.
Бу борадаги ишлар Бухоро вилоятининг Қоровулбозор, Олот, Қоракўл, Жондор, Шофиркон, Ғиждувон, Ромитан ва бошқа туманларидаги “қизил” маҳаллаларда ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Мазкур маҳаллаларга бириктирилган ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари жойлардаги масъуллар ва “маҳалла еттилиги” вакиллари билан биргаликда муаммоларни манзилли ўрганиб, хавфсиз муҳит яратиш чораларини кўришмоқда.
Ўрганишлар давомида маҳаллаларда 71 та “жиноят ўчоғи” қайд этилди. Аҳоли билан мулоқот натижасида 20 га яқин ижтимоий-маиший муаммолар аниқланди. Ижтимоий профилактика доирасида 31 нафар шахс “маҳалла еттилиги”га йўналтирилди.
Бундан ташқари, ҳудудларга 110 та замонавий камера, 59 та ташвиш тугмаси ўрнатилди. Жиноят содир этилиши мумкин бўлган овлоқ жойлар, кўчалар ва истироҳат боғларида алоҳида патруллик йўналишлари ташкил этилди. Маҳаллаларда тарғиботчи гуруҳлар тузилиб, улар томонидан мунтазам тадбирлар ўтказилиши йўлга қўйилди.
Илмий-амалий ўрганишлар давомида ҳар бир маҳалланинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда таклифлар ишлаб чиқилиб, “йўл харита”ларга киритилди.
Ҳозирда ҳудудлар бўйича яратилган тажрибалар, криминоген омилларга барҳам берувчи самарали механизмларни амалиётга татбиқ қилиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Шулардан бири Бухоро давлат университети мисолида яратилган “Хавфсиз таълим” тажрибаси бўлиб, мазкур ёндашув ижтимоий профилактикани кучайтириш, талабалар ўртасида маъмурий ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлаш ва уларни рақамли мониторинг қилиш имконини бермоқда.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг қарори маҳаллаларга осойишталик ва фаровонлик олиб кираётгани билан бирга, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, юртдошларимизнинг муаммоларини ҳал қилиш, уларни рози қилишда дастуруламал бўлаётир.
ИИВ академияси Ахборот хизмати