Ёшлар куни муносабати билан Ички ишлар вазирлиги академиясида очиқ мулоқот ташкил қилинди.
Шу куни ўқув даргоҳида малака ошираётган ички ишлар органлари маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бўлинмалари раҳбарлари курсантлар билан учрашди. Мулоқотда тизимдаги кенг қамровли ислоҳотлар, эширилаётган натижалар, ёш кадрларга қўйилаётган талаблар ҳақида фикр алмашилди.
Раҳбарлар тизим самарадорлигини оширишнинг устувор йўналишларини қайд этгани ҳолда дуал таълим тизимининг муҳим аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтишди. Тизим фаолияти тубдан ислоҳ қилинаётган ҳозирги даврда таълим сифатини ошириш, назария ва амалиёт уйғунлигини кучайтириш, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, курсантларнинг шахсий фазилатларини шакллантириш долзарб масала эканлиги айтиб ўтилди.
Айрим ёш ходимлар касбга кўникишда қийинчиликларга дуч келаётгани, ўқиш жараёнида пухта билим олиш баробарида, хизмат интизоми, мулоқот маданияти, психологик тайёргарлик, фуқаролар билан ишлаш каби омилларга алоҳида ёндашиш профессоинал маҳорат ошишига хизмат қилиши таъкидланди. Раҳбарлар кўп йиллик тажрибалари мисолида курсант ёшларга амалий маслаҳат ва тавсиялар бердилар.
Учрашув очиқ мулоқот руҳида давом этди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати