Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Таълим тараққиётнинг ягона йўли

22 Октябрь 2025, 09:10

42

ИИВ академиясида олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов билан учрашув бўлиб ўтди.

Магистратура тингловчилари, профессор-ўқитувчилар иштирокида ўтган тадбир Янги Ўзбекистонда таълимга қаратилаётган улкан эътибор ва соҳа олдида турган устувор вазифаларга бағишланди.

Учрашув аввалида академия раҳбари Рустам Хатамов сўз олиб, таълим муассасаси фаолиятидаги ижобий ўзгаришлар, замонавий ёндашувлар, асосий сифат кўрсаткичлари бўйича эришилаётган натижаларга тўхталди.

Тадбирда олий таълим тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар хусусида сўз борди. Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан таълим сиёсати янги босқичга олиб чиқилгани, соҳани ривожлантиришнинг стратегик мақсад ва йўналишлари белгилаб берилгани, таълим мамлакатимизда энг муҳим соҳалардан бирига айлангани айтиб ўтилди.

Инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар самарасида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи 42 фоизга етгани, бугунга келиб юртимиздаги 202 та олийгоҳда 1,5 миллион нафар ёшлар таълим олаётгани эътироф этилди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири тизимда рақобатбардошликни ошириш, таълим интеграциясини кучайтириш, олий ўқув муассасаларида замонавий бошқарув моделларини жорий этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, ҳар қандай рақобатга бардош бера оладиган етук мутахассислар тайёрлаш долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлади.  

Учрашувда ёшлар жиноятчилиги масаласига ҳам тўхталинди. Замонавий таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги шароитда ёшлар маънавиятини асраш, таълим муассасаларида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ёш авлоднинг ҳуқуқий маданиятини ошириш муҳимлиги, бу борада ИИВ академияси вакиллари томонидан олий таълим муассасаларида ўтказилаётган профилактик тадбирлар ижобий натижа бераётгани айтилди.

Тадбирдан сўнг Қўнғиротбой Шарипов академияда йўлга қўйилган инновацион ёндашувлар билан танишиб, таълимни рақамлаштириш, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, ички ишлар тизими учун бошқарув кадрларини тайёрлаш жараёнларини эътироф этди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech