Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида ёшлар ўртасида кибержиноятларнинг барвақт олдини олишга бағишланган профилактик тадбир ўтказилди.
Унда институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва талабалар, ҳудудий профилактика инспекторлари ҳамда бошқалар иштирок этди.
Учрашувда ИИВ академияси магистратураси тингловчиси, подполковник Бекзод Авазметов ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар, уларнинг замонавий кўринишлари, ушбу турдаги жиноятларни фош этиш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар, қонунчиликда белгиланган жавобгарлик масалалари ҳақида маъруза қилди.
Ёшлар томонидан ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни аниқ мисоллар ёрдамида таҳлил қилган ҳолда уларнинг барвақт олдини олишда амалга оширилиши лозим бўлган механизмларни тушунтирди.
Шу куни ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил талабалар билан профилактик суҳбат ҳам ўтказилиб, уларга ҳуқуқий тавсия ва маслаҳатлар берилди. Ушбу тоифадаги ёшларни соғлом ҳаётга қайтариш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Мулоқот тарзида ўтган тадбир йиғилганларнинг ҳуқуқий онги ва кибермаданиятини юксалтириш, айниқса талаба ёшларни интернет маконидаги хавф-хатар ва мафкуравий таҳдидлардан огоҳ этишга хизмат қилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати