ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларга бириктирилган масъуллар билан видеоконференцалоқа шаклида йиғилиш ўтказди.
Унда давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тўғрисидаги ПҚ-1-сон ҳамда бу борадаги тизим натижадорлигини оширишга қаратилган ПҚ-253-сон қарори доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Йиғилиш аввалида академия бошлиғи маҳаллалар билан ишлашнинг самарали механизмлари яратилгани ҳудудларни манзилли ўрганиш, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этишга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Шу куни маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратишга қаратилган ишлар бирма-бир муҳокама қилинди. Қарор ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳамда пойтахтимизнинг “қизил”, “сариқ” тоифадаги маҳаллаларига бириктирилган ишчи гуруҳлар раҳбарларининг ахбороти тингланди.
Академия бошлиғи хавфсиз кўча ва уйларни ташкил этиш, жиноят содир этилиши эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларни замонавий камералар, ташвиш ва сигнализация қурилмалари билан таъминлаш масалаларига эътибор қаратди. Мазкур йўналишдаги ишлар маҳалла осойишталигининг муҳим омили эканлигини таъкидлаб, хавфсизлик чораларини кучайтириш, техник ва жисмоний қўриқловга олишни жадаллаштириш, ҳар бир “жиноят ўчоғи” бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш юзасидан топшириқ берди.
Йиғилишда ҳудудларга жорий қилинган илғор тажрибалар билан бирга, йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам айтиб ўтилди. Айрим маҳаллаларда криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллар мавжудлиги, ижтимоий профилактика объектлари билан етарли ишлар олиб борилмаётгани, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича корхона ва ташкилотларга юборилаётган тақдимномалар назоратсиз қолаётгани таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, манфаатдор идоралар ва “маҳалла еттилиги” билан биргаликда ечимини кутаётган масалаларни ҳал қилиш, “йўл харита”лар ижросини сифатли таъминлаш, самарали иш услубларини амалиётга жорий қилиш бўйича янги таклифларни ишлаб чиқиш борасида тегишли вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати