Ҳозирда юз нафардан зиёд ўзбекистонлик ёшлар Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги ўнга яқин ўқув муассасасида таълим олмоқда.
Ёшларимиз қалбида Ватанга садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат, юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш муҳим вазифадир. Ички ишлар вазирлиги академиясида ташкил этилган ўқув йиғини ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли.
Бир ҳафталик йиғин давомида ёшлар учун шонли тарихимизни, буюк аждодларимизнинг бой меросини, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни тарғиб қилувчи машғулотлар ўтказилмоқда. Бундан ташқари, ички ишлар органлари тизимида рўй бераётган янгиланишларнинг мазмун-моҳияти етказилиб, жаҳон геосиёсий майдонида рўй бераётган глобал ўзгаришлар, минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик билан боғлиқ долзарб масалалар атрофлича тушунтирилмоқда.
Ўқув дастурида қизиқарли мавзуларга қаратилган мотивацион тадбирлар ҳам кўзда тутилган бўлиб, бу ҳам ёшларнинг маънавий дунёқараши, касбий маданияти, сиёсий дунёқарашини юксалтиришга, энг муҳими, ёзги таътилни мазмунли ўтказишига хизмат қилади.
ИИВ академияси Ахборот хизмати