Пойтахтимизнинг Миробод туманида хавфсиз муҳит яратишга қаратилган кенг қамровли ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Мазкур фаолиятни илмий-амалий ёндашувлар асосида ташкил этиш мақсадида туман маҳаллаларига ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари ва магистратура тингловчилари ҳам бириктирилган. Улар томонидан криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллар ўрганилиб, мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратилган таклиф ва тавсиялар амалиётга татбиқ қилинмоқда.
Ишчи гуруҳ раҳбари, полковник Баҳром Саидовнинг айтишича, давлатимиз раҳбари томонидан видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган долзарб вазифалар ижросини таъминлаш натижадорликка боғлиқ. Шу боис, ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар кунлик таҳлил қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.
Маълум бўлишича, ўрганишлар давомида маҳаллаларда 20 та “жиноят ўчоғи” аниқланган. Ижтимоий профилактика доирасида ҳуқуқбузарлик содир этиши ёки ундан жабрланиши мумкин бўлган 39 нафар шахс “маҳалла еттилиги”га номма-ном бириктирилган. Маҳаллаларнинг биринчи чорак учун мўлжалланган режалари таҳлил қилиниб, криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган таклиф ва тавсия киритилган.
Хавфсиз муҳит яратишда фуқаронинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ижобий самара беришини инобатга олган ҳолда Маҳалла тарғиботчиси гуруҳлари шакллантирилиб, аҳоли ўртасида тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, ёшлар ўртасида соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш мақсадида таълим масканларида профилактик учрашувлар ўтказиляпти.
Айтиш жоизки, маҳаллаларни жиноятда холи ҳудудга айлантиришда дуал таълим тизими бўйича амалиётга жалб қилинган курсантлар ҳам фаол иштирок этишмоқда. Улар аҳоли муаммолари ва мурожаатларини ўрганиш, ижтимоий профилактика объектларини аниқлаш, фуқаролар билан профилактик тадбирлар ўтказиш, процессуал ҳужжатларни расмийлаштириш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва бошқа йўналишларда мураббийларига кўмаклашиб, амалий кўникмаларини мустаҳкамлаб келишяпти.
Кўриниб турибдики, пойтахтимизда хавфсиз муҳитни шакллантириш борасидаги ишлар бугун энг устувор вазифага айланган. Бунда масъул раҳбарлардан “маҳалла еттилиги” тизими вакилларигача масъулиятни бирдек ҳис этаётгани тизим самарадорлигини ошириши, шубҳасиз.
ИИВ академияси Ахборот хизмати