ИИВ академиясига Венгрия миллий тергов бюроси директори ўринбосари Давид Норберт бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Ташриф аввалида меҳмонлар академия фаолияти билан яқиндан танишди. Делегация аъзоларига ўқув даргоҳининг тарихи, ривожланиш босқичлари, кейинги йилларда амалга оширилган улкан янгиланишлар ҳақида маълумот берилди.
Хорижлик меҳмонлар диққатга сазовор жойларни кўздан кечириб, кадрлар тайёрлашда қўлланилаётган илғор ёндашувлар, яратилган замонавий шароитлар, академиянинг кенг қамровли фаолияти ва истиқболли салоҳиятига юқори баҳо бердилар.
Шундан сўнг делагеция аъзоларини ўқув даргоҳи бошлиғи Рустам Хатамов қабул қилди. Самимий руҳда ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги дўстона муносабатлар асосида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Бугунги кунда икки томонлама алоқалар барча йўналишлар қатори, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида ҳам кенгайиб бораётгани, бунда давлатлараро ва идоралараро эришилган муҳим келишувлар мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлаётгани таъкидланди. Мазкур ташриф ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш ва амалга оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
“Барчамизга маълумки, Ўзбекистон ва Венгрияни нафақат дўстона алоқалар, балки тарихий яқинлик боғлаб туради. Икки мамлакат раҳбарларининг амалий саъй-ҳаракати билан кейинги йилларда муносабатларимиз юксак даражага кўтарилди. Сизлар билан ўтаётган самимий учрашув бунинг амалий ифодасидир”, - деди академия бошлиғи.
Ўз ўрнида, делегация раҳбари Давид Норберт икки туркий давлат ўртасидаги қардошлик ришталарини алоҳида қадрлаши, амалий ташриф кўп қиррали ҳамкорликка янгича суръат бағишлашини мамнуният билан эътироф этди.
Учрашувда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи оррганлар учун кадрлар тайёрлашда ўзаро тажриба алмашиш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, глобал хавф-хатарлар ва трансмиллий жиноятларга қарши курашишда илғор ёндашувларни амалиётга татбиқ қилиш, ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар илгари сурилган ташаббуслар бўйича якдил фикрда эканликларини таъкидлаган ҳолда алоқаларни барқарор ривожлантиришга келишиб олдилар.
Айтиш жоизки, ташриф доирасида венгриялик мутахассислар томонидан мамлакатимиз ички ишлар органларининг тергов ва ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бўлинмалари ходимлари, академия профессор-ўқитувчилари ва курсантлари учун “кибержиноятларга қарши курашиш ва рақамли криминалистика” йўналишида ўқув машғулотлари ҳам ташкил қилинмоқда.
ИИВ академияси Ахборот хизмати