Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида Осиё полиция таълим муассасалари ассоциацияси (APTA) Бош ассамблеясининг ўнинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Жанубий Корея, Индонезия, Филиппин, Непал, Таиланд, Шри-Ланка, Шарқий Тимор, Мўғулистон ва Ўзбекистондан ташкилотга аъзо 14 та таълим муассасаси вакиллари қатнашди.
Ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлашда илғор ёндашувларни қўллаш йиғилиш кун тартибидаги асосий масала бўлди. Сўзга чиққанлар бугунги глобал шароитда таълим интеграциясини кучайтириш долзарблигини таъкидлаган ҳолда халқаро ташкилот манфаатли алоқаларни янги имкониятлар билан бойитишда муҳим платформага айланганини эътироф этишди.
Йиғилишда 2024–2028 йилларга мўлжалланган стратегик режа доирасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди. Вьетнам халқ хавфсизлик академияси ташкилот аъзолигига қабул қилинган бўлса, БМТ Гиёҳванд модддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC)нинг Жануби-Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйича вакилига мулоқот бўйича доимий ҳамкор мақоми берилди. APTA вице-президенти, Мўғулистон ички ишлар университети раҳбари T. Сухболд муносабатларнинг ўзаро ишонч ва бирдамлик руҳи билан мустаҳкамланиб бораётгани келажак мақсадлар сари муҳим қадам бўлишини таъкидлаб ўтди.
Йиғилиш давомида ташкилотга аъзо таълим муассасалари делегатлари ўз тақдимотлари билан иштирок этди. Хусусан, ИИВ академияси бошлиғининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари Н. Турғунова мамлакатимиз ички ишлар органлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, ўқув даргоҳида йўлга қўйилган таълим механизмлари, халқаро алоқаларда устувор аҳамият касб этаётган тамойиллар ҳақида маъруза қилди. Шу ернинг ўзида йиғилганларга академия фаолиятига оид видеролик тақдим қилинди.
Шу куни “Полиция ходимларини тайёрлашда сифатни баҳолаш ва ривожланиш тенденциялари” мавзуига бағишланган халқаро конференция ҳам ўтказилди. Илмий анжуманда таълим жараёнларини такомиллаштириш, амалиётга рақамли ёндашувларни кенг жорий қилиш, полиция ходимлари салоҳиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Сўзга чиққанлар томонидан ўқитиш дастурларини халқаро стандартларга мослаштириш, кибержиноятчилик, сунъий интеллект ва рақамли далиллар соҳасида қўшма машғулотлар ташкил этиш, рақамли платформалар ва интеграциялашган тизимларни йўлга қўйиш, илмий ҳамкорликни ривожлантириш борасида таклифлар билдирилди.
Айтиш жоизки, Мўғулистон сафари чоғида APTAга аъзо таълим ташкилотлари раҳбарлари иштирокида икки томонлама учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. ИИВ академияси вакиллари Мўғулистон ички ишлар университети мутасаддилари билан мулоқот қилиб, истиқболдаги режалар юзасидан фикр алмашдилар. Учрашув якунида ўқув муассасалари ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Бир сўз билан айтганда, APTA Бош ассамблеясининг навбатдаги йиғилиши замонавий таҳдидлар шароитида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, ҳамкорликни амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш, глобал муаммоларга қарши биргаликда ечим топишда муҳим аҳамият касб этди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати