Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Хавфсиз маҳалла – фаровонлик омили

9 Март 2026, 21:53

42

Пойтахтимизнинг Миробод туманида қирққа яқин маҳалла бор. Ўтган йил якунлари бўйича улардан 4 таси “қизил”, қолганлари “сариқ” ва “яшил”тоифага киритилган.

Таҳлилларга кўра, маҳаллаларда ўғирлик, фирибгарлик, талончилик, безорилик кўп қайд этилган. Ушбу жиноятлар турли тоифадаги шахслар томонидан содир қилинган. Шу боис, ҳозирда маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

“Пойтахт намунаси” асосида хавфсиз муҳит яратишга ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари ва магистратураси тингловчилари ҳам жалб қилинган. Ишчи гуруҳ вакиллари криминоген омилларни илмий-амалий ёндашувлар асосида бартараф этишда яқиндан ёрдам беришмоқда.

Ўрганишлар давомида маҳаллаларда содир этилаётган жиноятлар таҳлил қилинди. Ҳудудларнинг криминоген вазиятига салбий таъсир кўрсатаётган 201 та “жиноят ўчоғи” аниқланди. Чораклик “йўл харита”лари муҳокама қилиниб, қўшимча 350 дан ортиқ таклиф ва тавсиялар киритилди.

“Маҳалла еттилиги” билан биргаликда 4500 дан зиёд хонадоннинг ўрганилгани натижасида 465 нафар ижтимоий профилактика объекти аниқланиб, тизим ходимларига бириктирилди. Шу билан бирга, алоҳида тоифадаги 619 нафар шахснинг ижтимоий-маиший муаммосини ҳал қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Жойларда ўтказилган ҳуқуқий тарғиботларда 20 мингга яқин аҳоли қамраб олинди. Фуқароларнинг уяли алоқа воситаларига “Менинг инспекторим” мобиль иловаси ўрнатилиб, профилактика инспектори билан доимий мулоқот ўрнатиши таъминланди. Бундан ташқари, тегишли корхона, ташкилот ва муассасаларга 100 дан ортиқ тақдимнома киритилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.

Хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида ҳудудларга замонавий камералар, ташфиш тугмалари, тунги чироқлар ўрнатилиб, ҳуқуқбузарликлар қайд этилиши мумкин бўлган жойларга қўшимча патруллик гуруҳлари йўналтирилди.

Энг муҳими, криминоген омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар натижасида тумандаги 25 та маҳаллада жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Хавфсиз муҳит яратишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech