Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Хавфсиз муҳит яратишда ҳар бир омил муҳим

14 Феврал 2026, 09:32

124

ИИВ академияси бошлиғи “пойтахт намунаси” асосида Чилонзор тумани маҳаллаларида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Ўрганишлар “Тирсакобод” маҳалласидан бошланди. Масъуллар ва “маҳалла еттилиги” ходимлари билан бўлган йиғилишда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш, аҳоли муаммоларини ўрганиш, мурожаатлар билан ишлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Маълум бўлишича, маҳаллада транспорт воситаларидан ўғирлик жиноятлари кўп қайд этилган. Бунга айрим ҳудудларнинг камералаштирилмагани, фуқароларнинг ўз мол-мулкини қаровсиз қолдираётгани сабаб бўлмоқда. Йиғилишда “жиноят ўчоқ”лари ва овлоқ жойларга қўшимча куч-воситаларни йўналтириш, ҳудудларга қўшимча замонавий камералар ўртаниш, профилактик тадбирларни кучайтириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, “хавф гуруҳи”даги шахслар билан манзилли ишлаш, оилалардаги маиший муаммоларни ўрганиш, ёшлар жиноятчилигининг барвақт олдини олиш борасида топшириқлар берилди.

Ишчи гуруҳнинг кейинги манзили “Хирмонтепа” маҳалласи бўлди. Масъулларнинг қайд этишича, маҳалла ҳудудида 2 та “жиноят ўчоғи” аниқланиб, улар бўйича алоҳида чора-тадбирлар белгилаб олинган. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва содир қилинган ҳуқуқбузарлик тўғрисида зудлик билан хабар топиш мақсадида ҳудудларга 4 та ташвиш тугмаси ўрнатилган. Патруль-пост хизмати ва академия курсантларидан иборат қўшимча патруллик йўналишлари йўлга қўйилган.

Академия бошлиғи биринчи чорак учун мўлжалланган “йўл харита”лар ва уларнинг ижроси билан танишди. Маҳаллада хизмат олиб бораётган профилактика инспектори билан мулоқот қилиб, криминоген вазиятга катта таъсир кўрсатаётган омилларни муҳокама қилди.

Ҳудудда ижара шартномаси асосида турувчи шахслар кўплиги, улар ўртасида низоли ҳолатлар қайд этиб турилаётгани, манзилли ўрганишлар чоғида ушбу тоифадаги фуқаролар рўйхатини шакллантириб, улар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш, хонадон эгаларининг масъулиятини ошириш кераклиги айтиб ўтилди.

Шу куни ишчи гуруҳ вакиллари аҳоли гавжум жойларни ҳам кўздан кечирди. Академия бошлиғи жиноят содир этилиши мумкин бўлган нуқталарда хавфсизлик чораларини кучайтириш, ҳуқуқий тарғибот тадбирларини жадаллаштириш юзасидан вазифаларни белгилаб берди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech