Юртимизда Янги йил шукуҳи кезиб юрибди. Байрам тадбирлари барчага, айниқса болажонларга катта завқу шавқ бағишламоқда.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Республика болалар руҳий-асаб шифохонасида ўтказилган тадбир ҳам болажонларга чексиз қувонч улашди.
Шу куни ИИВ академияси курсантлари томонидан турли томошалар, қизиқарли саҳна кўринишлари, байрамона куй-қўшиқ ва рақслар ижро қилинди. Айниқса Қорбобо, Қорқиз ва эртак қаҳрамонлари иштирокидаги чиқишлар йиғилганларни бир зум бўлса-да заргузаштлар оламидан завқ олишга ундади.
Тадбир якунида масканда шифо топаётган жажжи ўғил-қизларга эзгу тилаклар билдирилиб, Янги йил совғалари топширилди. Болажонларнинг юз-кўзидаги табассум ва ҳаяжон барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
ИИВ академияси Ахборот хизмати