ИИВ академиясида “Ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олиш ва миллат генoфондини асраш – долзарб масала” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Видеокоференцалоқа шаклида ўтказилган тадбирда парламент аъзолари, соҳа мутахассислари, олимлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, қатор олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда ёшларни гиёҳвандликдан асраш борасидаги чора-тадбирларнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, профилактик ишлар самарадорлигини ошириш, амалиётга илмий-услубий ёндашувларни кенг татбиқ қилиш масалалар қизғин муҳокама қилинди.
Мутахассисларнинг “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни кучайтириш”, “Гиёҳвандликнинг миллат генофондига салбий таъсирининг олдини олиш”, “Наркожиноятчиликнинг криминологик детерминантлари: ижтимоий-демографик таҳлил”, “Гиёҳвандлик воситаларининг трансчегаравий ноқонуний айланишига қарши курашиш” ҳамда бошқа долзарб мавзудаги чиқишлари тингланди.
Муҳокамалар жараёнида наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш, ёшларнинг гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддаларга қарши иммунитетни кучайтириш, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларни соғлом ҳаёт тарзига кенг жалб этиш, бу борадаги тизим самарадорлигини оширишга қаратилган мулоҳазалар билдирилиб, қатор таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати