Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар йилдан-йилга кўпаймоқда. Шу боис, кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ҳозирги шароитда тобора мураккаблашиб бормоқда.
Куни кеча Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам кибержиноятлар турлари ошаётгани, айниқса шахсий маълумотларни ўғирлаш, сунъий интеллект орқали овоз ва юз қиёфасини ўхшатиш, зарарли файлларни тарқатиш авж олаётгани таъкидлаб ўтилди.
ИИВ академияси ташаббуси билан Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ташкил этилган ҳуқуқий тарғибот тадбири ёшлар ўртасида кибержиноятларнинг барвақт олдини олишга бағишланди. Талабалар, тюторлар, профессор-ўқитувчилар ва бошқа масъуллар иштирок этган тадбир аввалида университетнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Комила Каримова учрашувнинг долзарб аҳамиятига тўхталди.
Таъкидлаб ўтилганидек, сўнгги беш йилда юртимизда кибержиноятлар сони 68 баробарга кўпайган. 2025 йилнинг ўзида ахборот технологиялари ёрдамида ўғрилик, фирибгарлик ва бошқа турдаги жиноятларни содир этиш билан боғлиқ 70 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган. Энг ачинарлиси, кибержиноятга қўл урганларнинг салкам 30 фоизи ёшларни ташкил қилади. Шунинг ўзиёқ, ушбу жиноятларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса ёшларнинг рақамли саводхонлиги ва кибергигиенасини юксалтиришни тақозо этмоқда.
Тадбирда академия магистратураси тингловчиси, подполковник Азимжон Холиқов сўз олиб, ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган жиноятлар, уларнинг ўзига хос хусусиятлари, ушбу турдаги жиноятларнинг кўпайишига имкон яратаётган омиллар, кибержиноятларга қарши курашиш ва уларни фош этиш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, айни пайтда қонунчиликда белгиланган жавобгарлик масалалари ҳақида маъруза қилди.
Тарғибот давомида ёшлар ўртасида оммалашаётган иллатлар –онлайн қимор ўйинлари, кибертовламачилик, интернет тармоқлари орқали содир қилинаётган наркожиноятларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу каби қонунга хилоф хатти-ҳаракатларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-маънавий оқибатлари тушунтирилиб, талабалар огоҳликка чақирилди. Аксарият жиноятлар ҳуқуқий маданиятсизлик, лоқайдлик, осон даромад орттириш, назоратсизлик, носоғлом муҳит таъсирида содир этилиши, ёшлар қатлами билан манзилли ишлаш орқали улар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш муҳимлиги қайд этилди.
Шу куни университетда таълим олаётган профилактик ҳисобда турувчи талабалар билан суҳбат ўтказилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Жамшид ХОЛОВ,
ИИВ академияси Ахборот хизмати