Пойтахтимиздаги Миллий кино санъати саройида ИИВ академияси буюртмаси билан суратга олинган “Ҳаёт академияси” фильмининг премьераси бўлиб ўтди.
Тадбирда таниқли киноарбоблар, маданият намояндалари, ички ишлар тизими фахрийлари, фильм ижодкорлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Картина икки дўстнинг тақдир йўллари ҳақида ҳикоя қилади. Воқеалар ривожи ҳаёт сўқмоқларида тўғри қадам ташлашга, ёшлик онларининг қадрига етишга, келажак мақсадлар сари интилиб, турли иллатлардан огоҳ бўлишга чорлайди.
Яна бир жиҳати, фильмда инсонга хос руҳий кечирмалар ёрқин тарзда очиб берилган. Бош қаҳрамон Эркиннинг ҳиссиётларини енгиб, ўзини ўзгартиришга куч ва ирода топа олгани, Ички ишлар вазирлиги академияда тобланиб, чинакам мард, аҳдига содиқ ва жасур инсон бўлиб улғайгани ҳар бир томошабин, айниқса ёшларни ватанпарварликка ундаши, шубҳасиз.
Премьерадан сўнг фильмнинг тарбиявий жиҳатлари эътироф этилди. Янги картина ўткинчи ҳавасларни ҳаёт мазмуни деб билган, меҳнат ва машаққатдан ўзини йироқ тутувчи, ўзи ва яқинларининг тақдирига бефарқ айрим ёшлар учун эзгуликка даъваткор фильм бўлгани таъкидланди.
Кинематография агентлиги ва Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда суратга олинган фильм барчага манзур бўлди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати
 
                         
                         
                         
                         
                         
                         
                         
                         
                         
                         
             
            