ИИВ академиясида Ўзбекистон халқ шоири, халқимизнинг ардоқли фарзанди Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбек тили ва хорижий тиллар кафедраси ташаббуси билан ўтказилган кечага шеърият ихлосмандлари, курсантлар, шоир ижодига меҳр қўйган профессор-ўқитувчилар тўпланди.
Сўзга чиққанлар Муҳаммад Юсуфнинг ҳаёти ва ижодига алоҳида тўхталди. Севимли шоиримизни ёд этиш орқали ёшларнинг адабиётга, китобхонликка бўлган қизиқишини ошириш, улар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини кучайтириш тадбирнинг асосий мақсади эканлиги айтиб ўтилди.
Тадбирда Муҳаммад Юсуф шеъриятидаги ўзига хос услуб, самимий оҳанг, жозибадорлик эътироф этилди. Шоир ижодида Ватанни севиш, уни фарзандлик меҳри билан ардоқлаш, бор бўй-басти билан мадҳ этиш, инсоний туйғуларни авайлаш юксак даражага олиб чиқилгани, шу боис ҳам, шеърларининг ҳар бир сатри халқимизнинг юрак қўрига сингиб кетгани, авлодлар оша барҳаёт яшаётгани таъкидланди.
Адабий кечада шоирнинг дилкаш шеърларидан намуналар ўқилди. Ёш ижодкор ижросида қўшиқлар куйланди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати