Сеул шаҳрида мамлакатимиз вакиллари учун Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) томонидан ўқув курси ташкил қилинди.
Наркотикларга қарши миллий курашиш бўйича давлат хизматчиларининг салоҳиятини ошириш дастури доирасида ташкил этилган ўқув курсида Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Республика суд экспертизаси маркази, шунингдек Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Криминология тадқиқот институти ҳамда Ички ишлар вазирлиги академияси вакиллари қатнашди.
Ўқув курси давомида маҳаллий мутахассислар томонидан наркожиноятлар билан боғлиқ глобал муаммолар, уларнинг ечимлари, трансмиллий жиноятларга қарши курашиш механизмлари, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олиш, профилактик чораларни самарали ташкил этиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг асосий вазифалари, гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича миллий стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш, бу борада Корея тажрибасининг ўзига хос жиҳатлари ёритилди.
Шунингдек Корея криминология ва адлия институти, Соҳил қўриқлаш хизмати, Божхона хизмати, Миллий криминалистика институти ва бошқа муассасаларда танишув-амалиёт жараёнлари ташкил қилинди. Вакилларимиз кореялик ҳамкасблари билан фикр алмашиб, ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий қилинган миллий тажрибаларни ўргандилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати