ИИВ академиясида сиртқи таълим тингловчиларининг битирув маросимига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида ўқув даргоҳи бошлиғи Рустам Хатамов сўз олиб, ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг долзарб аҳамиятига тўхталди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда ички ишлар органларининг қиёфаси тубдан ўзгарди. Соҳа ходимларининг фаолияти бевосита аҳоли муаммоларини ҳал қилишга, маҳаллаларда хавфсиз ва осойишта муҳитни қарор топтиришга йўналтирилди. Ҳудудларда янги тажрибалар жорий қилиниб, жиноятчиликни жиловлашнинг самарали тизимлари яратилди.
Академия бошлиғи барча соҳаларда бўлгани каби ички ишлар тизимида ҳам юксак малакали, замонавий фикрлайдиган, ўз касбига, Ватанимиз ва халқимизга содиқ кадрлар ислоҳотлар тақдирини белгилаб беришини алоҳида қайд этди. Ана шу мақсадда академиядаги таълим жараёнлари ислоҳ қилиниб, илғор ёндашувлар кенг татбиқ этиб келинаётганини таъкидлади.
“Ўқиш даврида олган билим ва кўникмаларингиз беҳуда кетмаслиги керак. Зеро, бугунги мураккаб шароитда эскича дунёқараш билан ишлаб бўлмайди. Мамлакатимизда кечаётган ўзгаришлар барчамиздан юксак ватанпарварлик, ҳалоллик, ташаббускорлик, шахсий жавобгарлик фазилатларини намоён этишни талаб қилмоқда”, - деди ўқув даргоҳи бошлиғи.
Шундан сўнг битирувларга “юрист” малакасини берувчи бакалавр димломлари тантанали равишда топширилди. Ўқиш даврида сафдошларига ўрнак бўлган тингловчилар академия фахрий ёрлиқларини қабул қилиб олдилар.
Битирувчилар номидан сўзга чиққан Маҳмуджон Қутлимуратов ва Зарнигор Аливердиева таълим берган устозлари меҳнатини эътироф этиб, давлатимиз, халқимиз ва Президентимиз билдирган ишончни юксак масъулият билан оқлашга ваъда бердилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати