Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Дуал таълим: малакали кадр тайёрлашнинг муҳим босқичи

24 Декабрь 2025, 02:12

78

ИИВ академиясида дуал таълимнинг кенг жорий қилингани ижобий самара бермоқда.

Янги тизим асосида Тошкент шаҳридаги ички ишлар органлари билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани курсантларнинг назарий билимини амалий кўникмалар ёрдамида мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Академия бошлиғи амалиёт жараёнлари билан танишиш мақсадида Олмазор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида бўлди.

Ҳозирда мазкур туманда кундузги таълимнинг 2 ва 3-ўқув курсидан 150 нафарга яқин курсант тегишли мутахассислик бўйича амалиёт ўтамоқда. Уларга тажрибали мураббийлар бириктирилган бўлиб, машғулотлар пайтида касбий билимларни амалиётда қўллаш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, дуал таълимнинг асосий мақсади назария ва амалиётни узвий ҳолда ташкил этиш саналади. Академияда йўлга қўйилган тизимнинг ўзига хос хусусиятларидан бири шундаки, бунда курсантлар амалиёт билан бирга, касбий мослашиш жараёнларини ҳам ўтамоқда. Бу эса вақтни самарали тақсимлаш, юклатилган вазифаларни ўз вақтида бажариш, ностандарт вазиятларда ўзини ўзи бошқариш, тўғри қарор қабул қилиш, руҳий барқарорликни намоён этиш, мулоқотга киришувчанлик каби омилларда намоён бўлмоқда.

Танишув чоғида академия бошлиғи соҳавий хизмат раҳбарлари билан суҳбатлашиб, амалиётнинг қай тарзда ташкил этилаётгани, “мураббий – ходим ёрдамчиси” механизмининг самарадорлиги, курсантларга яратилган шароитлар билан қизиқди. Масъулларга тизим имкониятларини ошириш юзасидан тавсиялар берди.

Шунингдек мулоқот давомида криминоген вазият билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинди. Жамоат тартибини сақлашга жалб қилинаётган ходим ва курсантлар хизматни масъулият билан ўташи, тизим обрўйига салбий таъсир кўрсатадиган ҳолатлар ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш чораларини кўриши, хизмат интизомига қатъий риоя қилиши зарурлигини таъкидлади.

Шу куни дуал таълим асосида кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech